« Back

Таэквондо 25.04.2020 13:39

Олимп чўққисини кўзлаётган Мадинабону

Мамлакатимизда болалар спортига қаратилган улкан эътибор самарасида навқирон авлод келажакда ўзлари қизиққан спорт тури бўйича ўтадиган нуфузли халқаро мусобақаларда юрт шарафини ҳимоя қилишдек, улкан бахтга муяссар бўлаётир. Юқори натижа кўрсатаётган спортчиларга интилиб, уларга ҳавас қилиб, ўз олдига катта-катта мақсадларни қўяётган ёшлар сафи тобора ортиб бормоқда. Ана шундай юқори натижаларни қайд этиш йўлида тинимсиз меҳнат қилаётган спортчиларимиздан бири Таэквондо (WT) бўйича Осиё ўйинлари совриндори тошкентлик Мадинабону Манноповадир.

Таэквондочимиз мазкур спорт турининг илк сир-асрорларини тажрибали мураббийи Собир Назаралиевдан ўргана бошлади.

– Мадинабону илк машғулотга бобоси билан келган куни ҳамон ёдимда. Нимжонгина қизалоқ эди. Дастлаб мен уни бошқа болалар сингари машғулотларга бардош бера олмай бир-икки кун шуғулланиб, спортни тарк этади деб ўйлагандим, – дейди мураббий С.Назаралиев. – Аммо у машқлар қийинлашган сари ўз устида тинимсиз ҳаракат қила бошлади. Ҳеч қачон машғулотларни ўтказиб юбормас эди. Ҳатто касал бўлиб қолса ҳам тўгаракка келар эди.

Тинимсиз меҳнат, ғалабага бўлган интилиш Мадинабонуга ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпиони бўлишдек бахтни олиб келди. Мамлакат миқёсидаги мусобақаларда тобланиб, улкан тажриба орттирган спортчимиз 2015 йили Хитой Тайпейи мезбонлик қилган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида муносиб иштирок этди ва терма жамоамизга кумуш медаль келтирди. Икки йил давомида кўплаб халқаро турнирларда ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олган Мадинабону 2017 йил Қозоғистонда ўтган Осиё чемпионатида бронза медални қўлга киритди.

2018 йил истеъдодли спортчимиз учун муваффақиятли ўтди. У дастлаб Вьетнамнинг Хошимин шаҳрида катталар ўртасида ўтган қитъа биринчилигида бронза медали билан тақдирланган бўлса, Индонезияда ўтган Осиё ўйинларида энг ёш иштирокчи сифатида эътироф этилди ва делегациямиз ҳисобига кумуш медаль қўшиб қўйди. Ўтган йили Хитойнинг Ухань шаҳрида ўтган Бутунжаҳон армия ўйинларида ўзининг юксак маҳоратини намойиш этиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.

– Ҳар бир эришган ғалабам замирида, мамлакатимизда биз спортчиларга яратиб берилаётган улкан эътибор, мураббийларимизнинг доно маслаҳатлари ва меҳнатлари ётибди, – дейди М.Маннопова. – Спорт кўплаб орзуларимга етиштирди, танимни соғлом, руҳан тетик қилди. Мақсадларим ҳақида гапирадиган бўлсам, барча спортчилар каби жаҳон ва қитъа чемпиони бўлиш ҳамда тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси Олимпия ўйинларида иштирок этиб, шоҳсупага кўтарилишдир.

Спортчи улкан марраларни забт этиш учун бир қатор машаққатларни енгиб ўтиши зарур. 19 ёшли Мадинабону ҳозирда кўплаб спортчиларимиз сингари Олимпия ўйинларининг йўлланмасини қўлга киритиш ва мазкур мусобақада мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш учун тинимсиз меҳнат қилмоқда.

Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ