« Back

Таэквондо 12.08.2020 14:05

Таэквондо бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати расман бекор қилинди

Жорий йилнинг 14-18 октябрь кунлари Болгариянинг София шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган таэквондо WT бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати сўроқ остида турган эди. Бутунжаҳон таэквондо федерацияси коронавирус пандемияси сабаб мазкур мусобақанинг бекор қилингани ҳақида расмий хабар берди.

– Бу йил Софияда ўтиши режалаштирилган мусобақага катта тайёргарлик кўраётган ёш таэквондо усталари учун чуқур афсусдамиз. Шуни доимо ёдда сақлашимиз керакки, спортчиларимизнинг саломатлиги доимо биринчи ўринда туради. Мусобақа 2022 йилга кўчирилади ва аминманки, у юқори савияда ўтади, – деди Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президенти Чунг Вон Чой.

Таъкидлаш жоиз, ушбу ЖЧ олдидан халқаро ташкилотнинг навбатдаги Бош Ассамблеяси ҳам ўтказилиши керак эди. Маълум қилинишича, ушбу тадбир онлайн тарзда ташкил қилинади.

Маълумот учун, Болгария ҳукумати томонидан чет элдан келган вакиллар учун мажбурий 14 кунлик карантин эълон қилинган, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

ЎзА