« Back

Турнир 08.08.2020 13:48

“Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги кубоги” онлайн халқаро турнири дунё полвонларини чорлайди

Ўтган ойда оғир атлетика бўйича илк бор халқаро онлайн мусобақа ташкил қилиниб, кўплаб мутахассислар, кенг спорт жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотган эди.

Вакилларимизнинг ушбу мусобақадаги муваффақиятли иштирокидан руҳланган Ўзбекистон оғир атлетика федерация ҳам ана шундай йирик турнир ўтказиш ташаббусини илгари сурди. Яъни оғир атлетика бўйича “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги кубоги” онлайн халқаро турнири ташкил қилинмоқда.

Бу хақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) ҳамда Ўзбекистон оғир атлетика федерациясининг расмий вакиллари мана шу масалага бағишлганган видеоконференция ташкил қилишди. Унда IWF номидан ташкилот вице-президенти, техник қўмита раиси Нико Влад, IWF вице-президенти, ривожланиш ва таълим комиссияси бошлиғи Хосе Карлос Куэнёс ва бошқа бир қатор мартабали вакиллар, мамлакатимиз томонидан Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, IWF ижроия қўмитаси аъзоси Шаҳрулло Маҳмудов бошчилигидаги федерацияси вакиллари қатнашди.

Видеоконференция кун тартибидан 28-30 август кунлари “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги кубоги” онлайн халқаро турнирини ташкил қилиш масаласи ўрин олди. Таъкидлаш жоиз, халқаро мутасаддилар мазкур ташаббусни катта қизиқиш билан қўллаб-қувватлади. Суҳбат якунида томонлар ушбу баҳсларни катта масштабда ёритиб бориш борасида келишиб олди.

Ушбу ташаббус Халқаро оғир атлетика федерациясига аъзо кўплаб мамлакатлар вакилларига маъқул бўлди. Бугуннинг ўзида бир қатор мамлакатлар, жумладан, Саудия Арабистони, Хитой, Қозоғистон, Латвия, АҚШ терма жамоалари ушбу турнирда иштирок этиш истагини билдиришган. Умуман олганда, бўлажак мусобақада 40 га яқин мамлакат вакиллари иштироки кутилмоқда. Ўз навбатида, карантин даврида бўлишимизга қарамасдан, мамлакатимиз спорти ривожи йўлида ташкил қилинаётган мазкур мусобақанинг ўтказилишига ҳукуматимиз ҳам хайрихоҳлик билдираётганини таъкидлаш жоиз. Бу борада мусобақа ғолиб ва совриндорлари учун пул мукофотлари ажратилиши маълум қилинди. Бу эса мусобақага бўлган қизиқишнинг янада ортишига сабаб бўлади.

Ўтган ой ўтказилган илк халқаро онлайн турнир ташаббускори Лотин Америкаси давлатлари бўлиб, беллашувлар ҳам ушбу минтақа вақтига қараб белгилангани боис, вакилларимиз бизнинг вақт билан ярим тунда чиқиш қилишган эди. Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси ҳамкорлигида ташкил қилинадиган бўлажак мусобақа эса Тошкент вақти билан ўтказилиши кутилмоқда.

ЎзА