« Back

Велоспорт 09.06.2020 12:22

Мамлакатимизда велотранспорт инфратузилмаси талаб даражасидами?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза масалалари қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг мамлакатимизда велотранспорт инфратузилмасини ривожлантириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлари тўғрисидаги ахборотини эшитди.

Велосипед транспортининг ривожланиши аҳолининг ҳаракатчанлиги учун янги инновацион имкониятларни яратади. Кўпгина давлатлар ўз транспорт сиёсатининг муҳим элементи сифатида велосипедда ҳаракатланишни рағбатлантириш чораларини муваффақиятли амалга оширмоқда. Халқаро амалиёт маълумотлари аҳолининг велосипеддан кундалик транспорт воситаси сифатида кенг фойдаланиши ҳудуднинг транспорт, иқтисодий, ижтимоий ва экологик шароитларини сезиларли даражада яхшиланишига олиб келганлигини кўрсатмоқда.

Коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш тажрибаси шаҳарларда жамоат ва шаҳар транспортига қўшимча сифатида велосипеддан фойдаланиш истиқболларини кўрсатмоқда. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида коронавирус инфекцияси даврида велосипедда ҳаракатланишни ривожлантириш орқали транспорт тизимини ислоҳ қилиш жараёнларини рағбатлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар бошланди.

Жумладан, Миланда (Италия) коронавирус даврида автомобиль йўлларини қайта тақсимлаш бўйича йирик лойиҳаларни амалга ошириш бошланди. Карантин шароитида авторанспорт тирбандликлари кескин камайди ва бунинг натижасида атмосфера ҳавосига ташланадиган ташламалар миқдори сезиларли даражада қисқаришига эришилди. Шаҳар ҳокимиятининг режаси велосипед йўлакларини барпо этиш, йўлакларни кенгайтиришни ўз ичига олади. Бундан ташқари, шаҳарларда пиёдалар ва велосипедчилар учун устувор бўлган кўчалар пайдо бўлади.

Мамлакатимизда велотранспорт инфратузилмасини ривожлантириш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Маҳаллий тадбиркорлик субъектлари томонидан жаҳон андозаларига мос равишда велосипедлар ишлаб чиқарилмоқда. Айрим йирик шаҳар ҳудудларида велосипед йўлаклари барпо этилмоқда.

Жумладан, 2018 йилда Ўзбекистон Экологик ҳаракати ташаббуси билан Наманган шаҳрида халқаро ташкилот маблағлари ҳисобидан халқаро андозалар асосида умумий узунлиги 3,5 километр бўлган велосипед йўлаги барпо этилган, лойиҳа доирасида 200 га яқин велосипед мавжуд Меҳрибонлик ва Мурувват уйларига етказиб берилган.

Тадбирда кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан мамлакатимзда велотранспорт инфраструктурасини ривожлантириш даражаси бошқа давлатлар кўрсаткичидан паст даражада қолаётгани депутатларнинг эътирозларига сабаб бўлди. Бугунги кунда Европа давлатларида аҳоли жон бошига 3 тагача велосипед тўғри келган бир пайтда, мамлакатмизда бу бир неча баробар паст кўрсаткични ташкил этиши кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, аҳоли пунктларида, айниқса, аҳоли зич ҳудудларда автомобиль йўлларини барпо этишда велосипед йўлаклари учун жой ажратишга ҳамда йўл белгиларини ўрнатишга эътибор қаратилмаётгани, қолаверса, соҳани ривожлантиришнинг мукаммал хуқуқий асослари яратилмагани таъкидланди.

Мамлакатимизда ички туризмни ривожлантиришнинг муҳим воситаси сифатида велосипед транспортига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Карантиндан кейинги даврда қишлоқ жойларда велосипед йўлларининг яратилиши ҳудуд иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим туртки бўлиши мумкин.

Таъкидланганидек, велосипед инфратузилмаси “яшил иқтисодиёт” ривожи, шаҳар ҳудудини бошқариш, иқтисодиётини рағбатлантириш учун инновацион имкониятларни очиши билан бир қаторда, фуқаролар учун соғлом турмуш тарзини олиб бориш, саломатлик ва фаровонликни яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирда Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар, Жисмоний тарбия ва спорт вазирликлари ҳамда Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси вакилларининг соҳани ривожлантириш бўйича таклиф ва мулоҳазалари тингланди.

Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Нурилло НАСРИЕВ,
ЎзА